EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

САЙЁҲЛИК РИВОЖИ ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК

2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Олий Мажлиси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлиги учун сайловга қизғин тайёргарлик кетмоқда. Халқаро ва экотуризмни ривожлантириш Ўзбекистон Экологик партияси  дастурида кўрсатиб ўтилган стратегик йўналишлардан бири ҳисобланади. Ислом Каримов номидаги Тошкент техника университети мажлислар залида бўлиб ўтган давра суҳбатида мамлакатимизда туризм соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳатлар ва унинг жаҳон рейтингидаги хусусида сўз борди.

Давра суҳбатида унверситет профессор- ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди. Унда эътироф этилишича, сўнгги уч йилда мамлакатимизда туризм соҳаси ривожига қаратилган 30 дан зиёд норматив ҳужжатлар ҳамда “Туризм тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилинганлиги муҳим қадам бўлди. Ўзбекистонга айни вақтда 100 га яқин давлатлар фуқаролари визасиз режим асосида ташриф буюриши мумкин эканлиги, юртимизда  бўлиш қоидасини бузганлик учун жавобгарликни либераллаштирилиши сайёҳлар оқимини ортишига хизмат қилди. Фарғона водийсининг гултожи, кўҳна ва навқирон Ҳўқанди Латиф “Халқаро ҳунармандлар шаҳри” сифатида эътироф этилиши ва бу кентда икки йилда бир марта “Халқаро ҳунармандчилик фестивилини ўтказиб бориш  белгиланганлиги унинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда даврни бошлаб берди.

Айни вақтда дунёда икки юздан зиёд давлатлар мавжудлигини инобатга оладиган бўлсак, кўплаб соҳаларда салмоқли ютуқларни қўлга киритаётганлигимиз халқаро рейтинг кўрсаткичларда ҳам номоён бўлмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси энг аввало қонун устуворлиги таъминланганлик даражаси бўйича 94 ўринни банд қилган бўлиб, бу мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларнинг тўғридан-тўғри ижрога йўналтириладиган даражада қонун лойиҳалари ишлаб чиқилаётганлиги, қонуности меъёрий ҳужжатларнинг оптималлаштирилаётганлиги, қонунларни аниқ ва бир хилда бажарилиши назорати тўғри ташкилланганлиги билан ҳам ўлчанади. Шу ўринда хорижлик сайёҳлар мамлакатимизда бўлган вақтда энг аввало халқаро меъёрий-ҳуқуқий нормалар билан бир қаторда, мамлакат қонунларига бўйсунишини инобатга олсак, қонунларимизнинг адолатли эканлиги, уларнинг амалга ошириш механизми тўғри ташкил этилганлиги ҳам қизиқтиради, албатта.

Мамлакат аҳолисининг фаровонлик даражаси ҳам сайёҳлик ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу нафақат ички туризм ривожида, шунингдек, ташқи туризм салоҳиятини оширишда ҳам катта аҳамиятга эга. Жорий йилда Ўзбекистон фаровонлик индекси бўйича жаҳон бўйича 101 ўринни банд қилган бўлса, МДҲ мамлакатлари орасида етакчи мавқени эгаллади. Мамлакат аҳолисининг фаровонлик даражасининг ортиши ўз навбатида дам олиш ва саёҳат қилиш учун ҳам вақт ажратиши учун имкон беради. Мамлакат аҳолисининг кам таъминланган қисмини доимий қўллаб – қувватланиши уларнинг яшаш ва дам олиши учун зарур шарт-шароитнинг яратишга давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор натижасида йилдан – йилга аҳолининг фаровонлик даражаси ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида аҳолининг тўловга лаёқатлилик даражасини ортишига ҳам олиб келмоқда. Мамлакатимиз тўловга лаёқатлилик даражасининг юқорилиги бўйича айни дамда 91 ўринни эгаллаганлиги ҳам аҳолининг моддий аҳволи барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳатлар самараси ҳисобланади.

Ҳар қандай мамлакатнинг ташқи имиджини яҳшилашда ҳамда сайёҳлик соҳасини ривожида ахборотга бўлган эхтиёжнинг қондириш ва матбуотнинг эркинлиги муҳим аҳамиятга эга. Мамлакат имиджини яхшилаш мақсадида хориж матбуот ходимлари ва машҳур блоггерлар учун Ўзбекистон ўз эшикларини очиши, мамлакатимиз ҳақида хориж матбуотида тўлақонли маълумотлар олиш имконини берди. Хатто бу борада амалга оширилаётган ислоҳатларимиз самараси ўлароқ мамлакатимиз сўнги бир йилда 125 ўринни банд қилганлиги ҳам қайсидир маънода мамлакатимиз ижтимой-иқтисодий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди. Бироқ, айрим камчиликлар ҳам мавжудки, бу ўз навбатида босқичма-босқич бартараф этиб борилмоқда. Жумладан, сайёҳларни мамлакатимизда бўлган вақтда интернет тезлигининг пастлиги қийнаб келган эди. Бу муаммони бартараф этиш мақсадида Ўзбекистонда мобил компаниялар томонидан  4G тизимидан 5G  тизимига босқичма-босқич ўтиш жараёни бошланган бўлиб, бу ўз навбатида ахборот алмашиш тезлигини таъминлаш билан бир қаторда мамлакатимизда бўлиб турган сайёҳлар норозилигини бартараф этишда ҳам муҳим омил бўлиб ҳизмат қилади. Ўзбекистон дунё ахборот тизимининг ажралмас қисми бўлиб, мамакатда улкан ахборот майдонинг яратилиши кибер ҳавфсизлик тизимимизнинг мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратиш заруратини келтириб чиқармоқда. Ахборот ҳавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳатлар самараси натижасида Ўзбекистон 2018 йилда киберхавфсизлик бўйича рейтинги 92 ўринга чиқиб олди. Бу ҳам сайёҳлик соҳаси ривожида муҳим аҳамиятга бўлди. Чунки, сайёҳларнинг мамлакатимизда бўлган вақтда мобил қурилмалари ва бошқа гаджетларидаги ахборотларини ҳам хавфсизлигини таъминлаш зарур аҳамиятга эга.

Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳларнинг  60 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этаётганлиги, сайёҳлик борасида маркетинг тадқиқотлари ҳам саёҳатга чиқиш борасида аёллар эркакларга нисбатан фаол эканлигини кўрсатмоқда. Ички туризм доирасида ҳам ҳолат айни шундай эканлигини кузатишлар тасдиқламоқда.Ўзбекистон гендер тенгсизлигини олдини олиш борасида олиб борилаётган ислоҳатлар самараси ўлароқ, туризмнинг хизматлар соҳасида Ўзбекистонда мавжуд кадрларнинг 60 фоизи аёллар ташкил этмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, аҳолининг ижтимоий ҳолатининг яхшилаш ва ривожлантириш борасида ҳам мамлакатимизда кенг ислоҳатлар олиб борилмоқда. Ижтимоий тараққиёт маълум маънода аҳолининг бандлигини таъминланганлиги билан боғлиқ. Жаҳон мамлакатларида ҳар бир яратилаётган 8/1 иш ўрни туризм соҳасида яратилганлиги, мамлакатимизда ҳам туризмнинг ривожланиши аҳолининг иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Ҳар 10 нафар сайёҳнинг ташрифи мамлакатда битта янги иш ўрнини таъминлаш учун хизмат қилади. Ўзбекистон ижтимоий тараққиёт индекси бўйича 98 ўринни банд қилгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳат самараси ҳисобланади. Сайёҳликнинг мунтазам ривожлантириш барқарор иш ўринларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади. Ўзбекистон халқаро бахт индексида 44 ўринни эгаллагани аввало қадрият даражасига кўтарилган динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, бирдамлик каби анъаналарнинг авлоддан – авлодга ўтиб келаётгани билан ҳам боғлаш мумкин. Ўзбек халқи ҳеч қачон ўз бахтини жамият манфаатидан устун қўймайди. Ўз ютуқ ва муваффаққиятини жамоа муваффаққияти билан боғлашади. Бу характер қайсидир маънода япон ментал хусусиятларига ҳам ўхшаб кетади. Хатто саёҳатга ҳам ўзбек халқи жамоа бўлиб чиқишни маъқул деб ҳисоблайди. Шунингдек, мамлакатимизда 87 та давлатга виза тизимининг бекор қилинганлиги ҳам халқаро рейтингини яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатда ва айни вақтда Ўзбекистон визасиз режим ўрнатилган рейтингда 67 ўринни эгаллаб турибди. Ёлғиз сайёҳларнинг ҳавфсизлигини таъминланганлик даражаси бўйича эса 6 ўринни эгаллаганлиги мамлакатимизда туризм полицияси ташкил этилганлиги, хавфсиз шаҳар консепциясини амалга оширилаётганлиги ҳамда хорижлик сайёҳлар учун оғир аҳволга тушиб қолса махсус мобил алоқа хизмати орқали ёрдам чақириш учун хизмат турлари ташкил этилганлиги билан боғлиқ.

Музаффаржон МАНСУРОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилояти

Кенгаши раисининг оммавий ахборот воситалари

билан ишлаш бўйича ўринбосари.

Аброржон АСҚАРОВ,

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат

техника университети Қўқон филиали ўқув-услубий ишлар бўлим бошлиғи.

Ижтимоий тармоқларга улаш: