EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

АЪЗОЛИККА ҚАБУЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Бугун инсонлар томонидан атроф-муҳитга нисбатан хўжасизларча муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан пала-партиш фойдаланиш Орол денгизининг қуриши, катта-катта ҳудудлардаги чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларининг камайиши,  кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби бир қатор глобал ва минтақавий экологик муаммолар пайдо бўлишига олиб келди.

Бу биргина мамлакатимиздаги вазият. Экологик муаммоларнинг дунё миқёсидаги ҳолати таҳлил этилса, бугун кўпчиликни жиддий ташвишга солаётган глобал муаммоларнинг саноғи йўқ. Ушбу ҳолат инсониятни тезлик билан вазиятни ижобий томонга ўзгартириш юзасидан чора кўришга ундайди. Чунки, ўтаётган ҳар бир лаҳза муаммоларни янада кўпайиши,  экологик кризисни ортишига олиб келади.

Бошқа ҳудудлардан фарқли ўлароқ, мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида муайян тажриба тўпланган. Бироқ соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакат миқёсида ва алоҳида минтақаларда экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини яхлит ҳолда ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этмоқда. Республикамиздаги янги сиёсий куч – Ўзбекистон Экологик партияси ушбу вазифаларни амалга ошириш, муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.  Ўтган куни Марказий сайлов комиссияси томонидан “яшиллар партияси”га ҳам бошқалар қатори бу йилги сайловларда иштирок этишга изн берилди.

Айни пайтда сайловларга тайёргарлик қизғин бошлаб юборилган. Жойларда муносиб номзодларни танлаш, уларнинг сайловолди дастурини  тайёрлаш ва тарғиб қилиш каби муҳим жараёнлар аста-секин амалга оширилади. Шу билан бирга партия  аъзолари сафини кенгайтириш борасида ҳам қатор тадбирлар олиб бориляпти.

– Ўтган куни Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгашига  Пахтаобод туманидан бир гуруҳ фуқаролар кириб келишди, – дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Наврўзбек Юсупов. – Улар билан суҳбат жараёнида ўзларини тумандаги  биолабаратория ходимлари деб таништирган аёллар партиямизга аъзо бўлиш истагини билдирдилар. Биз бу мурожаатни тезда ижобий ҳал қилдик. Уларнинг барчаси Ўзбекистон Экологик партияси аъзолигига қабул қилинди.

Юртдошларимизни партия аъзолигига қабул қилиш доирасидаги мана шундай тадбирлар вилоятимизнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом этяпти.