Sesh. Iyul 14th, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ОНА ТАБИАТГА ТАЪЗИМ

Инсон ўз умри  давомида Она табиатнинг беминнат неъматлари, инъоми ва марҳаматидан   баxраманд бўлиб яшайди. Демакки, одамлар ўз ҳаётининг асоси бўлган табиатни ардоқлаши, xурматлаши, асраб-авайлаши шарт. Бу борадаги кўникмалар эса инсонларга экологик таълим, тарбия орқали берилади.  Табиатни муxофаза қилиш борасидаги билимларни ҳали боғча ёшидан бошлаш ёшларни экологик, эстетик, маънавий ҳамда меҳнатга муҳаббат кўникмаларини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.   

Бизнинг 12-мактабгача таълим ташкилотимиз Бўз туманидаги Халқобод маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган. Унда қишлоқ аҳолисининг 130 нафардан зиёд фарзандлари тарбияланишади. Бири-биридан ширин ушбу болажонларга жамоада меҳнат қилаётган ўн нафардан зиёд меҳрибон тарбиячилар ҳамда уларнинг ёрдамчилари ғамхўрлик кўрсатишади, билим беришади.

Тарбиячиларимиз болажонларга бошланғич билим бериш жараёнида турли фанлар қатори экологик таълимга ҳам алоҳида эътибор қаратишяпти.   Чунки, ёш авлодга экологик таълим ва тарбия бериш мураккаб, узоқ давом этадиган жараён бўлиб унда болажонлар табиат ҳақидаги дастлабки тасаввурни одатда ўз оиласидан олади ва улғайган сари атроф муҳит тўғрисидаги тасаввурларини  кенгайтириб боради.

Ана шу тасаввурларни мустаҳкамлаш эса мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларининг вазифасидир. Шу боис  ташкилотимизда фаолият олиб бораётган Муқаддас Каримова, Гулнора Бойқўзиева каби тажрибали мутахассисларимиз бу борада болажонлар билан алоҳида машғулотлар олиб боришади. Бунда улар табиат ҳақидаги дастлабки билимлар билан бир қаторда табиат ва инсон ўртасидаги муносабатлар, юзага келаётган муаммолар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари,   ечими ҳақида қизиқарли ҳикояларга таянишади. Бу ўз навбатида  болажонларда табиий муҳит
ва унинг бойликларини билиш, ундан тежамкорлик билан фойдаланиш, табиатнинг
гўзаллигини асрашга нисбатан қизиқтиради. Шунингдек, болаларни
ўсимлик ва ҳайвонларни парвариш қилишга ўргатиш ҳам уларни табиатга нисбатан меҳр- муҳаббат уйғотишга хизмат қилади.

2019 йил 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва шу асосда қабул қилинган  Концепцияда мактабгача таълим тизимининг вазифалари аниқ белгилаб берилган. Мазкур вазифалар ташкилотимизнинг Азиза Олимова, Феруза Абдураҳимова, Мақсуда Абдужабборова ҳамда Маҳбуба Жалилова  каби тарбиячилари, уларнинг ёрдамчилари томонидан  диққат билан ўрганиб чиқиляпти. Мақсад, кичкинтойларни билим олишга қизиқтириш, жумладан, табиат ва уни асраб-авайлаш хусусидаги кўникмаларини ривожлантириб боришга қаратилган.

Аслида табиатга нисбатан муҳаббат барча ёшдаги юртдошларимиз учун фақатгина ижобий натижага хизмат қилиши керак. Чунки, унинг бизга нисбатан саҳовати фақатгина чексиз миннатдорчиликка, унга нисбатан таъзимга лойиқ. Биз эса бу ҳисни фарзандларимиз қалбига ҳозирданоқ сингдиришни энг биринчи вазифамиз деб биламиз.

Мамлакат НУРМАТОВА,

ташкилот мудираси.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.