Chor. Okt 21st, 2020

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

АМАРАНТ – МЎЪЖИЗАВИЙ, ШИФОБАХШ ЎСИМЛИК

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Озиқ-овқат комиссияси томонидан амарант озуқавий ва доривор хусусиятлари туфайли XXI аср маданий ўсимлиги деб эътироф этилди. Юртимиздаги мавжуд 4230 ўсимлик турлари орасидаги 577 таси шифобахш хусусиятга эга бўлиб, «гултожихўроз» синфига молик амарантнинг ноёб ҳамда дориворлиги қадимдан маълум. Хусусан, Абу Али ибн Сино ўз даврида ундан тери касалликларини тузатишда, масалан, қизамиқ, қизил тошма, тиғдан олинган жароҳат ва яра-чақаларни, оғиздаги бадбўй ҳидларни даволашда  кенг фойдаланилган.

Амарант сўзи кадимги славян тилида «ўлимни инкор этиш», «абадийлик» маъносини билдиради. Грекчада эса «сўлимайдиган гул» маъносини англатади. Чунки, қуритилган амарант 3-4 ой давомида ўз шаклу-шамойилини саклай одади. Қадимги славян табобатида амарант қаришга карши восита сифатида ишлатилган. Марказий Америка халқлари – инклар ва ацтеклар, қадимий этруссклар ва эллинлар ҳам уни мангу ҳаёт белгиси деб ҳисоблашган.

Амарантнинг асл ватани Жанубий Америка бўлиб, маҳаллий аҳоли 8 минг йил аввал ундан маданий ўсимлик сифатида фойдаланганлиги тарихдан маълум. Бу ўсимлик кейинчалик Шимолий Америка, Ҳиндистон, Осиё мамлакатлари Хитойгача тарқалган. Ҳозирда у Ҳиндистон, Покистон, Непал ва Хитойнинг тоғли аҳолиси орасида донли ва сабзавот ўсимлиги сифатида кенг оммалашган. Европа мамлакатлари, жумладан, Россия ва Украинада етиштирилаётган бу ўсимликдан тиббиётда, пазандачиликда, косметологияда, халқ хўжалигининг турли тармоқларида кенг фойдаланилмоқда. Айрим мамлакатларда амарант тўпгуллари ва барглари учун декоратив ўсимлик сифатида ҳам етиштирилади. Унинг 65 та нави ва 900 дан ортиқ турлари мавжуд.

Республикамизда амарант, асосан, манзарали экин сифатида етиштирилади. Хўроз тожини эслатувчи «гултожихўроз» деб ном олган кизил рангдаги амарант ўлкамизда кенг тарқалган.

Амарант мойи тиббиётда холестеринни биосинтез қилишда, организмни радионуклид, оғир металл тузларидан тозалашда, юқумли касалликлар, герпес, псориаз, витилиго, нейродермит, экзема, атопик дерматит, ошқозон-ичак яралари, қандли диабет, жигар хасталиги, сийдик-жинсий органларининг шамоллаши, атеросклероз, анемия, авитаминоз, стенокардия, гипертония, онкологик ва юрак қон-томир хасталикларидаги муаммоларни ҳал қилишда кенг фойдаланилади. У иммунитетни кескин оширади, камқонликка қарши курашда тенгсиз восита ҳисобланади.

Амарант мойи таркибида сквален моддаси мавжуд. Тиббиётда муҳим аҳамиятга эга бу моддани илк бор 1906 йили япон олими Митцумаро Цуджимото денгиз тубида яшовчи акула жигаридан ажратиб олган. Аниқланишича, денгизнинг кислород жуда кам бўлган чуқурлигида акулаларнинг яшаши учун сквален гоят муҳим.

Илк тадқиқотлар Ўзбекистон амаранти мойи таркибида сквален миқдори акула жигаридагидан 8-10 марта кўплигини кўрсатди. Андижонда етиштирилган амарант мойи газ хроматографияси усулида текширилганда Омега-3 ва Омега-6 тўйинмаган ёғ кислоталарига бойлиги маълум бўлди. Бу эса тиббиётда ноёб доривор модда сифатида маҳаллий шароитда ишлаб чикариладиган амарант мойининг қўлланиш истикболларини белгилаб беради. Ҳозирда маҳаллий шароитларда амарантнинг 19 та нави интродукция килинди ва табиий танлаш усулида янги навлар яратилиб, улар «Ўзбекистон-М», «Андижон», «Марҳамат», «Улуғнор» номлари билан патентга буюртма берилди.

Амарант донининг уни ва барги озуқавий қимматга эга, амарант мойи эса темир, фосфор, калий, В, В2, Е ва D витаминлар гуруҳи, фосфолипидлар, фитостеролларга бой. Яшил массаси ва кунжараси чорвачиликда юқори энергетик оқсил-витаминли ем бўлиб, наслдор қорамоллар учун зарур озуқа ҳисобланади. Шунингдек, паррандачиликда тўйимли, сервитамин озуқа сифатида тухум сонининг кўпайишига таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, у косметологияда бебаҳо хом ашё саналади.

Ўта шўрланган деградацион ерларда амарант етиштириш имкониятлари ва пировард натижада ернинг шўрлашиш даражаси камайиб бориши динамикаси амалда синалмоқда. Ер шўрланиши даражасининг камайиши эса, ўз навбатида, бошқа техник ўсимликлар етиштириш учун етарли имконият яратиши ҳам бу ўсимликнинг иқтисодий самара- дорлигини кўрсатади. Масалан, Улуғнор туманида етиштирилган амарантнинг «Улуғнор» нави бошқа ўсимликлар ўсмайдиган шўрхок ерларда ўсиб, ривожланиши кузатилди. Унумдор тупроқда гектаридан 7 тоннагача дон олинадиган амарант бу ерларда гектаридан 2-3 тонна дон ҳосил берди, жаҳон бозорида 1 килограмм амарант дони нархи 1 АҚШ долларида нархланишини ҳисобга олинса, иқтисодий самара ўз-ўзидан кўриниб турибди. Ундан ташқари, ҳар гектар ердан олинадиган 200-250 тонна яшил массадан тайёрланган силос чорва учун юқори витаминли ем ҳисобланади. Биоорганик кимё институти олимлари таҳлили амарант силосидаги оқсил маккажўҳориникига караганда 6.5 марта юқорилигини кўрсатди. Дон массасига нисбатан 2-2,5 % ни ташкил қиладиган совуқ ҳолда сиқиб  олинган мойнинг 1 литри доривор восита сифатида Россияда 200 АҚШ долларида, АҚШ да эса 700-800 АҚШ долларида нархланади. Мой ажратиб олингандан қолган кунжара доривор озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун хом ашё ҳисобланади.

Амарантнинг нафақат тиббиёт, балки қишлоқ ва халқ хўжалигидаги иқтисодий аҳамияти ҳам беқиёс. Ҳозирда амарант мойи билан биргаликда амарант уни, барглари, илдизи, кунжарасини қимматбаҳо витаминли доривор воситалар сифатида экспорт қилиш истиқболлари ўрганилмоқда.

Муйдинжон Мўминов,
Нозимжон Тўхтабоев.
Андижон давлат университети олимлари.


EKOPRESS.UZ. Веб-сайт ОАВ сифатида 2019 йил 13 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан № 1287 рақам билан рўйхатга олинган. Муассис: “EKOJURNALIST” МЧЖ. Сайт раҳбари: Қувватов.А. Таҳририят манзили: 170400, Андижон вилояти, Бўз шаҳарчаси, Ипак йўли кўчаси, 3-уй.