EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ҚЎҚОН САЙЁҲЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

Сўлим Фарғона водийсининг маданият ва маърифат, миллий ҳунармандчилик  марказларидан бири саналмиш Қўқон шаҳри бир неча кун давомида катта байрамга мезбонлик қилди. Бу ерда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида илк бора ташкил этилган Халқаро ҳунармандчилик фестивали нафақат шаҳар аҳлига, балки унга меҳмон бўлиб келган қатор мамлакат вакиллари – ҳунармандлар, сайёҳларга ҳам бетакрор, унутилмас лаҳзаларни тақдим этди. Хусусан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ушбу тадбирга ташрифи ҳамда фестивал иштирокчиларига йўллаган табриги унга янада шукуҳ бағишлади.

Мазкур фестивалнинг Қўқон шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас. Чунки, асрлар давомида миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини қадрлаб келаётган бу қадим кент уста ва устазодалари томонидан яратилган қўл меҳнати намуналари дунё аҳлини лол этиб келади. Ҳар бири санъат асари даражасига кўтарилган бетакрор  миллий либослар, ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари, темирчилик, чинни ва сопол буюмларига ҳар қандай хорижлик меҳмон ёки сайёҳ бажонидил ҳаридор бўлади. Айнан шу жиҳатлар Жаҳон ҳунармандлари кенгаши аъзолари томонидан алоҳида эътироф этилди ва Қўқонга жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилди. Мазкур унвон 2014 йилда ташкил этилган ва унга шу кунгача дунёнинг турли мамлакатларидаги 36 та шаҳар сазовор бўлган, холос. Аҳамиятли жойи шундаки,  Қўқон мустақил ҳамдўстлик давлатлари ичида биринчи бўлиб ушбу  мақомга эришди.

Шу боис Қўқонда ушбу анжуманга пухта тайёргарлик кўрилди. Анжуман иштирокчиларига хизмат қиладиган янги меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис мажмуалари, шунингдек, бошқа турдош иншоотлар барпо этилди. Шаҳарнинг ҳар бир кўчасида, маҳалла ва гузарларда кенг миқёсдаги ободончилик-кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Байрамнинг асосий тадбирлари ўтказилган Худоёрхон Ўрдаси атрофидаги ўн етти гектар майдонда ўзига хос ҳунармандлар шаҳарчаси яратилди. Фестивалнинг биринчи кунидан бу ердаги халқаро кўргазмада ўзбек ва хорижий халқ амалий санъати усталари яратган ажойиб буюмлар намойиш этилди. Хусусан, Ўрда майдонида  дунёнинг 76 давлатидан ташриф буюрган икки юз нафардан ортиқ қўл меҳнати усталари томонидан ҳунармандчиликнинг йигирма тўққиз йўналиши бўйича тайёрланган маҳсулотларини кўриш мумкин эди. Шунингдек, улар орасида мамлакатимиз вилоятларидан келган  бир минг бир юздан ортиқ ҳунармандлар ҳам ўз меҳнати маҳсулини омма эътиборига ҳавола этди. Хорижлик ҳунармандлар ақл заковати, идроки билан яратилган қўл меҳнати маҳсули бўлган қатор кўргазмалар юртдошларимиз эътиборини тортган бир пайтда аксарият меҳмонлар ҳам миллий ҳунармандчилигимиз намуналарига асир бўлишди.

-Мамлакатимизда ҳунармандчилик яхши ривожланган, аммо ўзбек миллий ҳунармандчилиги намуналари бизни ғоят мамнун этди, – дейди ўзини Қодир Хон деб таништирган ҳиндистонлик ҳунарманд. – Шу боис фестиваль доирасидаги  кўргазмалар мен ва ҳамюртларимда катта қизиқиш уйғотди. Мақсадимиз юртингиз ҳунармандлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш  ва биргаликда янги санъат намуналари яратиш. Чунки, бир-биримиздан ўрганадиган қирралар кўп. Қолаверса, эндиликда бу шаҳарга санъат асари даражасидаги миллий ҳунармандчилик  намуналарини томоша қилиш учун келадиган сайёҳлар оқимининг кучайиши турган гап. Негаки, биз ўз таассуротларимизни Ҳиндистондаги сафдошларимиз, юртдошларимизга сўзлаб берамиз. Табиийки, уларда ҳам бу ерга келиш истаги туғилади.

Дарҳақиқат, қадимий осори атиқалар, миллий ҳунармандчиликнинг турфа кўринишини асраб, ардоқлаб келаётган қўқонликлар меҳнати эътирофга лойиқ. Уни ҳар бир хорижлик алоҳида таъкидламоқда.  

-Кўргазмага қўйилган ҳнармандчилик намуналарининг ҳар бири алоҳида мўжиза, – дейди уммонлик ҳунарманд Саиф Али. – Мен ана шу намуналарни оила аъзоларим ҳам кўришини истайман. Бунинг учун кўргазмани узоқроқ давом этишини хоҳлардим. Майлига, мана шу кўргазма йиллар давомида шундай ҳолича турса ҳам. Чунки, бундай манзара ҳар қандай сайёҳни ўзига ром этади. Тўғри, бу ерда олинган фото ва видеолавҳаларни оила аъзоларимга юбордим, аммо улар ҳам жонли кўргазмани кўришни истайди. Шу маънода бу каби фестивалларни юртингизда такрор ва такрор ўтказилишига тилакдошман. 

Дарҳақиқат, халқаро ҳунармандчилик фестивали ўзига хос санъат, нафосат ҳамда дўстлик байрамига айланиб кетди. Қўқонликлар, умуман фарғоналиклар мазкур тадбирга тайёргарлик доирасидаги  барча жараёнга алоҳида аҳамият қаратгани самара берди. Ҳар бир хорижлик ва юртимиз ҳунармандлари ушбу анжуманнинг ташкилий жиҳатларига юксак баҳо бердилар.

Фестивалнинг  файзи ва таровати юртдошларимизга ўзгача кайфият бағишлади. Ҳар куни Худоёрхон Ўрдаси майдонига минг-минглаб қўқонликлар, республикамизнинг бошқа вилоятларидан келган меҳмонлар бевосита кўргазмаларни томоша қилиб, мазмунли ҳордиқ чиқариш учун келдилар. Айниқса, Президенимизнинг ташрифи фестивалга янада кўтаринкилик бағишлади. Давлатимиз раҳбари даставвал  “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига ташриф буюрди ва бу ерда Қўқон ва Марғилон шаҳарларини комплекс ривожлантиришга хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Шаҳардаги Буюк алломалар музейида Фарғона вилояти фаоллари, нуронийлар, зиёлилар билан бўлиб ўтган мулоқотда нуронийлар ва ёшлар вакиллари халқаро ҳунармандчилик фестивали туфайли Қўқон янада обод бўлиб бораётганлиги, эндиликда шаҳарга бутун дунёдан келаётган меҳмонлар, сайёҳлар оқими кўпайганлиги, туризмни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилганлиги учун Президентимизга миннатдорчилик билдирдилар.

Ҳўқанди латифда ўтказилган биринчи халқаро ҳунармандчилик фестивали ўз якунига етди. Аммо, унинг шукуҳи дилларда узоқ сақланади. Қолаверса, эндиликда фестивал орқали Қўқоннинг таърифини эшитган минг-минглаб хорижлик сайёҳларга шаҳримизга ташриф буюради. Қўқон юртимизнинг сайёҳлик марказларидан бири, халқаро ва экотуризм ривожланган манзилга айланади.

Маҳмудхон АББОСХОНОВ,

Фарғона вилояти экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш бошқармаси Қўқон шаҳар

инспекцияси бошлиғи.  

Музаффаржон МАНСУРОВ,

Ўзбекистон Экологик партияси Данғара тумани Кенгаши раиси.